Сув ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш сирлари
Анжуман, давра суҳбатлари, илмий-назарий конференцияларнинг моҳияти маърузачилар томонидан кўтарилган муаммоларнинг мамлакат тараққиёти ва соҳа ривожига қўшадиган ҳиссаси билан боғлиқ. Чунки давр, жараён ҳар бир соҳа олдида ўзига хос муаммоларни кўндаланг қўйиши табиий ҳолдир. Ана шу муаммоларнинг ечимини топиш, камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, шу йўсинда иш тутишга сафарбарлик ва даъват руҳи маърузада акс этиши унинг аҳамиятини ошириши аниқ.
Жорий йилнинг 4 сентябр куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти(ИWМИ) томонидан “Амударё ҳавзасининг насослар ёрдамида суғориладиган ҳудудларида сув ва энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш” номли давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу семинар АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (УСАИД) томонидан молиялаштирилган “Амударё ҳавзасининг насослар ёрдамида суғориладиган ҳудудларида сув ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар лойиҳа доирасида мамлакатимизнинг насослар ёрдамида суғориладиган ҳудудларида ҳусусан Қарши чўлида моделлаштириш воситаларидан фойдаланиб сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, дала майдонларида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув ва энергия ресурсларини тежаш йўллари борасида қатор ишлар амалга оширилганлиги, хусусан соҳанинг экологик муаммолари тобора глобаллашиб бораётган бугунги кундаги аҳамияти нечоғлик катта эканлигини алоҳида қайд этдилар.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (УСАИД)нинг “Тадқиқотлар кўламини кенгайтириш учун ҳамкорлик” (ПЕЕР) дастури 2011 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларида 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармояси билан 250 дан ортиқ лойиҳаларни қўллаб-қувватлади. Ушбу дастурнинг асосий вазифалари илмий ва техник тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш орқали халқаро ривожланишдаги энг муҳим муаммоларнингечимларини аниқлаш, янги инновацион технологияларни амалиётда синаб кўриш бўлиб, узоқ муддатли илмий алоқаларни ўрнатиш ва ўзаро ҳамкорликни янада яхшилашга имкон беради.
Давра суҳбатидан 70 дан ортиқ иштирокчилар шу жумладан, Ўзбекистон экологик ҳаракати ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги вакиллари ҳамда бир қатор ҳалқаро ташкилотлар: Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти(ИWМИ), Марказий Осиё Минтақавий экологик маркази (РЭЦЦА), Бирлашган Миллатларнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ташкилоти (ФАО), Ҳалқаро сув ҳамкорлик ташкилоти (ГWП), Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (СДC), АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (УСАИД), Қурғоқчилик минтакаларда қишлоқ хўжалигида илмий тадқиқот олиб бориш халқаро маркази(ИКАРДА-ЦАЗ), Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикаси делегацияси, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ), Жаҳон банки, Осиё тараққиёт Банки (ОТБ), илмий-тадқиқот институтлари УзГИП, УзГидромет, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти, Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси вакиллари, Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси (ДАВСУВХЎЖАЛИКНАЗОРАТ), Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти профессор ва катта ўқитувчилари, магистрантлари ва бошқа кўплаб соҳа вакиллари иштирок этишди.
Бундан ташқари, халқаро ташкилотларнинг вакиллари минтақада олиб борилган аввалги ва амалдаги лойиҳаларнинг натижалари ва уларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши борасидаги тақдимотларни амалга оширишди.Тадбир сўнгида қизиқарли мунозаралар олиб борилди ва ҳисобот натижалари муҳокама қилинди.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов